1 Апр 2024

Жиззахда қўшимча 16 минг тонна гўшт етиштирилади

Жиззахда қўшимча 16 минг тонна гўшт етиштирилади
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Жиззах вилояти Зомин  туманидаги “Jizzax Organic” чорвачилик кластерида бўлди.

Қўмита раиси ўтган тўрт йил мобайнида 16 140 бош бузоқ  ва 3 йилда 8 732 бош қўзи олинган ушбу мажмуанинг бу йилги режалари билан танишди.

Унга кўра, “Jizzax Organic” чорвачилик кластерида 2024 йил давомида 3 минг бош сут йўналишидаги Голштейин қора-ола зотли молларни сотиб олиш ва йилига 20 минг тонна сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этади. Қолаверса, гўшт йўналишида 4 минг бош Абердин-ангус бузоқларини сотиб олиш режалаштирилган.  Йил якунигача кластер таркибида қўшимча 2 минг бош қўйга мўлжалланган қўйхона қуриб битказилади.

Соҳага доир статистика ўсишига эришилар экан, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ортиши кутилмоқда. Жумладан, ушбу туманларда 39 минг тонна сифатли гўшт махсулотлари етиштирилади ёки маҳаллий зотга нисбатан қўшимча 16 минг тонна гўшт ишлаб чиқаришга эришилади.

Аҳоли хонадонларидаги чорва молларининг наслини яхшилаш ҳамда наслчилик ишларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Вилоятнинг Зомин, Зарбдор ва Янгиобод туманларида жойлашган 15 та маҳалла  ҳудудида офисли контейнердан сунъий уруғлантириш пунктларини ташкил этилиб, 10,5 минг аҳоли хонадонларидаги мавжуд 78,1 минг бош маҳаллий қорамолларни наслли буқалар уруғи билан бепул уруғлантириш амалёти йўлга қўйилади.